Ўзбекистон ва Озарбайжон илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Озарбайжон илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 24 ноябрь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов Озарбайжон Республикаси Фан ва таълим вазири Эмин Амруллаев билан учрашув ўтказди.
Учрашувда олий таълим, илмий тадқиқотлар ва инновациялар соҳасида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар учун манфаатли бўлган соҳаларда кадрлар тайёрлаш, профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳалар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Музокаралар натижасида олий таълим ва илм-фан соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, академик алмашинув ва стартап ҳамкорлигини кучайтириш, талабаларга грант ажратиш ҳамда 2026 йилда ректорлар форумини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Озарбайжон Республикаси Фан ва таълим вазирлиги ҳузуридаги Фан ва олий таълим бўйича давлат агентлиги ўртасида ўзаро англашув тўғрисидаги Меморандум имзоланди.