Ўзбекистон ва Озарбайжон Бокуда туризм соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Боку шаҳрида ўтказилаётган II Ўзбекистон–Озарбайжон медиафоруми доирасида икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари учрашув ўтказди.
Форум иштирокчилари дастлаб Озарбайжоннинг буюк давлат ва сиёсат арбоби Ҳайдар Алиев хотирасини ёд этиб, унинг қабрига гул қўйиш маросимида қатнашдилар.
Тадбир давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги туризм алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, сайёҳлик йўналишларини тарғиб қилишда медиа соҳасида ҳамкорлик қилиш, биргаликда реклама кампаниялари ва мультимедиа маҳсулотларини яратиш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси озарбайжонлик ҳамкорларини жорий йилда Тошкентда ўтказиладиган “Ипак йўлида туризм” халқаро туризм ярмаркасида иштирок этишга таклиф этди.