Ўзбекистон ва ОТБ ҳамкорлигининг 30 йиллиги муносабати билан экологик акция ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — "Осиё Тараққиёт банки" ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг 30 йиллиги муносабати билан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан плоггинг ташкил этилди. Унда 50 дан ортиқ соҳа ходимлари фаол қатнашди. Плоггинг доирасида Тошкент денгизи соҳили бўйи 300 кгдан ортиқ чиқиндилардан тозаланиб, махсус техника ёрдамида бартараф этилди.
Мазкур эко-тадбир "Халқаро соҳилларни тозалаш" ҳафталиги доирасида ўтказилди. У дунёдаги йирик ижтимоий ҳаракатлардан бири бўлиб, сув ҳавзалари бўйини муҳофаза қилиш ва тозалаш мақсадида амалга оширилади.
Маълумот учун: Осиё Тараққиёт банкига 69 та давлат аъзо бўлган. Ўзбекистон билан 1996 йилдан буён ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, биргаликда ҳозиргача 117 та лойиҳа амалга оширилган. Лойиҳаларнинг барчасида экологик ва гендер тенглик ҳамда "яшил иқтисодиёт" мезонларига устунлик талаб этилади. Бу эса ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамлиги ва умумий тараққиёт мақсадлар якдиллигининг исботидир.
Шу куни соҳа ходимлари учун ҳамкорликда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида амалий семинар ташкил этилди. Жараёнда экология, яшил иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш бўйича янги фикрлар, инновацион ва самарали ечимлар муҳокама қилинди, — деб хабар беради Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати.