Ўзбекистон ва ОТБ давлат харидлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш тизимини яратади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 15 август куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат харидлари сиёсати департаменти директори Сарвар Назаров ҳамда Осиё тараққиёт банки давлат харидлари бўйича бош мутахассиси Жулиан Дозчи ҳамда АҚШнинг “Charles Kendall Consulting” компания директори Скот Дикен ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистонда давлат харидлари соҳасида мутахассисларни профессионал касбий ўқитиш орқали тайёрлаш ва мунтазам равишда малакасини ошириш бўйича тегишли тизим яратиш юзасидан қўшма лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Дастлабки босқичда, мамлакат кесимида давлат харидлари мутахассислигига мавжуд қизиқиш ва эҳтиёж, ўқув марказлар ва менторлар салоҳияти таҳлил қилишга қаратилган ўрганишлар ташкил этилиши қайд этилди.
Шу билан бирга мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўқув қўлланмалар ишлаб чиқиш ва уларни ўқув муассасалар ўқув дастурларига киритиш белгиланди.
Бундан ташқари ўқитиш жараёнида сертификациялаш масаласи муҳим аҳамият касб этиши билдирилди. Бунда, сертификация орқали мутахассислар малакасини баҳолаш методологиясини ҳамда ушбу вазифани амалга оширишда ваколатли орган белгиланиши эътироф этилди.
Шу ўринда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув марказда мутахассисларни профессионал даражада ўқитиш орқали тайёрлаш, малакаларини ошириб бориш, шунингдек сертификациялаш жараёнини ташкил этиш таклиф этилди.
Учрашув доирасида “Ишчи гуруҳ вакиллари шакллантирилиб, гуруҳ аъзоларига йил якунига қадар лойиҳани амалга оширишда устувор вазифалар ҳамда жорий қилишда зарур чора-тадбирлар белгилаб ўтилди.
Бунда, давлат хизмати классификаторига “давлат харидчи”си касбини киритиш каби масалалар ўрин олди.
Музокаралар якуни бўйича бошқа йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари таҳлил қилинди ва келгусида мазкур йўналишларда музокараларни давом этиш юзасидан келишилди.