Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки шаҳарсозлик бош режаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29 май куни Филиппиннинг Манила шаҳридаги Осиё тараққиёт банки (ОТБ) бош офисида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ер ислоҳотлари ва ҳудудлар мастер режаларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Шерзод Отабоев ҳамда ОТБ вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда ОТБнинг Осиё тараққиёт банкининг Сув ва шаҳарсозликни ривожлантириш сектори идораси катта директори Норио Саито, мазкур секторнинг Шарқий, Марказий ва Ғарбий Осиё гуруҳи директори Жингмин Ҳуанг, Ривожланаётган йўналишлар гуруҳи директори Сринивас Сампатҳ ва бошқа масъуллар иштирок этди.
Учрашув Манила шаҳрида бўлиб ўтаётган “Сув масалалари ва шаҳарларни ривожлантириш” форуми доирасида ташкил этилди. Томонлар мастер режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Жумладан, ОТБнинг техник кўмаги ёрдамида бир йил давомида мастер режалар юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фаолиятига кўмаклашувчи хорижий компанияни жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Ушбу компания томонидан 6 та ҳудудда ишлаб чиқилган мастер режаларни амалга ошириш, 2 та ҳудудда янги мастер режаларни ишлаб чиқиш ҳамда халқаро тажрибадан келиб чиқиб, мастер режалар бўйича амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш ва салоҳиятни ошириш йўналишларида ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Учрашув якунида томонлар компанияни жалб қилиш жараёнини тезлаштириш ҳамда мастер режа ишлаб чиқиш бўйича дастлабки босқичда пилот ҳудуд сифатида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини танлаш, мастер режалар асосида ОТБнинг маблағлари ҳисобига инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олди.