Ўзбекистон ва Novel Therapeutics Technology ҳамкорликни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Novel Therapeutics Technology ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 4 декабрь куни агентлик биносида Қатарнинг “Novel Therapeutics Technology” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
“Novel Therapeutics Technology” компанияси 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, сунъий интеллект ёрдамида дори воситаларини яратишга ихтисослашган. Компания биотехнологик тадқиқотлар билан шуғулланиб, асосан онкология ва неврология соҳаларига қаратилган дори воситаларини ишлаб чиқаради.
Учрашув давомида компания ва агентлик вакиллари ўз фаолият йўналишлари билан таништирдилар. Компания АҚШнинг Хюстон шаҳридаги TMC3 Коллаборация маркази фаолияти ва ундаги ютуқлар ҳақида маълумот бериб, ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли бўлишини таъкидлади.
Шу ўринда агентлик вакиллари “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери ҳудудидаги шарт-шароитлар, берилган имтиёзлар, амалга оширилаётган лойиҳалар ва яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот тақдим этдилар.
Учрашув якунида томонлар таълим, тадқиқот ва сунъий интеллект соҳаларида билим ва тажриба алмашиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.