Ўзбекистон ва Нидерландия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Нидерландия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори Иброҳим Эргашев Нидерландия Қироллиги карантин хизмати вакили Лианна Керсберген бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мулоқотда икки давлат ўртасида ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро савдода фитосанитар хавфсизликни таъминлаш ҳамда илғор тажрибалар алмашинувини кенгайтиришга эътибор қаратилди.
Нидерландия томони фитосанитар назоратда қўлланилаётган замонавий ёндашувлар — хавфларга асосланган назорат тизими, рақамли сертификатлаш (э-Пҳйто), чегара масканларида кинология хизмати, Марказий фитосанитария лабораторияси ва кўчма лабораториялар ҳамда агротаҳлиллар ўтказишга мўлжалланган мобил лаборатория фаолиятини юқори баҳолашди.
Қолаверса, Марказий экспорт штабида ўтказилган учрашув давомида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги экспортига оид салоҳият билан танишдилар. Мулоқотда меҳмонлар мамлакатимиздан Нидерландияга мева-сабзавотларни экспорт қилиш тарафдори эканлиги маълум қилишди. Айниқса, маҳаллий лимон навларининг сифати ва таъми алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, музокараларда ўсимликлар саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспортга мўлжалланган маҳсулотларни сертификатлаш ва халқаро бозорларга чиқариш, уруғлар импорти ва фитосанитар талабларни мувофиқлаштириш, олма ва данакли мевалар бўйича фитосанитар хавф таҳлилини амалга ошириш борасида фикр алмашишди.
Нидерландия аграр маҳсулотлар экспорти бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатдаги ёндашув юқори технологияли қишлоқ хўжалиги, кучли логистика ва қайта экспорт модели билан ажралиб туради. Шу боис келгусидаги яқин ҳамкорлик Ўзбекистон маҳсулотларининг Европа бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
2025 йилда Ўзбекистондан Нидерландияга 2,6 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот экспорт қилинган бўлса, 2026 йилнинг апрель ҳолатига кўра бу кўрсаткич 1,2 минг тоннага етган.