Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Иқтисод 22/05/2025 Ўзбекистон ва Нидерландия қишлоқ хўжалиги соҳасида экологик тоза технологияларга асосланган ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Ўзбекистон ва Нидерландия қишлоқ хўжалиги соҳасида экологик тоза технологияларга асосланган ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров ҳамда Нидерландиянинг “Mac Agro B.V.” компанияси бош директори, Яқин Шарқ минтақаси ва Туркия бўйича директори Али Коклу ўртасида видеоконференция шаклида мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги аграр ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, юқори самарали ва экологик тоза технологиялар асосида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. 

Суҳбат чоғида Нидерландияда ишлаб чиқарилган, инновацион ва табиий маҳсулотлар асосида тайёрланган биомасса турларининг ўсимликчиликда қўлланиш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди. Таъкидланишича, бундай маҳсулотлар нафақат ўсимликларнинг ўсишини рағбатлантиради, балки тупроқ унумдорлигини сақлаш, сув сарфини камайтириш ва ҳосилдорликни оширишга ҳам хизмат қилади.

Мазкур ёндашув фермерлар учун иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлиб, анъанавий ўғитлардан камроқ фойдаланиш орқали юқори ва экологик тоза ҳосил олиш имконини яратади. 

Бундан ташқари, сув ресурсларининг тежаб-тергаб ишлатилиши агротехникада барқарорликни таъминлашга ёрдам беради. Бу эса, Ўзбекистоннинг иқлим ва агроэкологик шароитлари учун айниқса муҳим ҳисобланади. 

Томонлар инновацион лойиҳа доирасидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратиб, уни амалиётга жорий этиш ва тегишли ишларни бошлаш бўйича келишувга эришдилар. Шунингдек, тажриба алмашиш ва мунтазам алоқаларни давом эттириш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди. 

Қайд этиш лозимки, бундай ёндашув Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, илғор ғоялар ва технологияларни мамлакатимиз аграр тармоғига татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг