Ўзбекистон ва “Моnоs Group” фармацевтика ишлаб чиқаришига сармоя киритишни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва “Моnоs Group” фармацевтика ишлаб чиқаришига сармоя киритишни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Монголиянинг йирик фармацевтика компанияси “Monos Group” вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Monos Group - 1990 йилда ташкил этилган, Монголиянинг энг йирик фармацевтика ва косметика саноатидаги компанияларидан бири ҳисобланади. Гуруҳ таркибида 16 дан ортиқ шўъба компаниялар мавжуд бўлиб, улар фармацевтика маҳсулотлари, биологик қўшимчалар, косметика воситалари, ўсимлик доривор хомашёси, шунингдек таълим, IT, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритади. Компанияда 2500 дан зиёд ходимлар меҳнат қилади. "Monos Group"нинг фармацевтика ва косметика маҳсулотлари Япония, Корея ва Қирғизистонга экспорт қилинади.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, компания учун маҳаллий ҳамкорлар топиш масалалари муҳокама қилинди. Монголия компанияси Ўзбекистонда инъекцион дори воситалари ва доривор ўсимликлардан тайёрланадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланишга қизиқиш билдириб, мамлакатга инвестиция киритишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Агентлик директори “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери лойиҳаси бўйича тақдимот ўтказди. Шунингдек, лойиҳанинг ҳар бир босқичида белгиланган қўллаб-қувватлаш чоралари ва яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.
Музокаралар якунида томонлар маълумот алмашиш, таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти йўналишларида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришдилар.