Ўзбекистон ва Мўғулистон транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев Мўғулистон йўл ва транспортни ривожлантириш вазири ўринбосари Сандагдорж Батболд билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари бевосита темир йўл, авиация ва автомобиль транспорти мутасадди раҳбарлари иштирокида муҳокама этилди.
Жумладан, томонлар мамлакатларимиз ўртасида автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини ривожлантириш билан боғлиқ жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтишди. "Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой – Мўғулистон" йўналиши бўйича автомобиль транспортида биринчи пилот ташуви амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Томонлар мазкур йўналишнинг бугунги кундаги долзарб аҳамияти, янги йўналишдаги мавжуд салоҳият ҳамда ушбу коридордаги муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари юзасида фикр алмашилди.
Шунингдек, учрашув давомида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, бу орқали эса мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлар алмашинувини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Учрашув якунида томонлар транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, бу йўналишда амалий қадамларни янада кучайтириш ва аниқ лойиҳалар асосида ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирди.