Ўзбекистон ва Малайзия фармацевтика саноати соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 5 ноябрь куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Малайзия делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Делегация таркибига мамлакатнинг регулятор органи вакиллари, шунингдек, тиббий буюмлар соҳасида фаолият юритаётган 6 та етакчи компания раҳбар ва мутахассислари кирди.
Музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, фармацевтика ва тиббий асбоб-ускуналар йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Малайзия томони Ўзбекистонда фармацевтика ва тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасига инвестиция киритиш имкониятлари, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини Малайзия бозорига экспорт қилиш истиқболларига қизиқиш билдирди.
Учрашувда экспорт йўналишларини диверсификация қилиш, сифат стандартларини уйғунлаштириш ва лицензиялаш жараёнларини енгиллаштириш борасида фикр алмашилди.
Агентлик директори томонидан Малайзия делегациясига Ўзбекистон фармацевтика саноатининг сўнгги йиллардаги ривожланишига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Презентацияда фармацевтика кластерлари, илмий-инновацион лойиҳалар, хорижий сармояларни жалб этиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашув якунида делегация учун “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Меҳмонларга ишлаб чиқариш инфратузилмаси, илмий лабораториялар ҳамда инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар намойиш этилди.
Учрашув самимий ва ишбилармонлик муҳитида ўтди ҳамда келгусида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун янги йўналишлар белгилаб олинди.