Ўзбекистон ва LBBW юқори технологияли лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтиришни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва LBBW юқори технологияли лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтиришни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимов Landesbank Baden-Württemberg (LBBW) ижрочи директори Дидем Озгурел билан учрашди.
Музокаралар давомида банкнинг Ўзбекистон молия бозорида ўн йилдан ортиқ самарали фаолият юритиб келаётгани ҳамда турли тармоқларда 60 дан ортиқ инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришдаги иштироки алоҳида қайд этилди.
LBBW мамлакатимизда технологик янгиланиш ва саноатни модернизация қилиш жараёнларида ишончли молиявий ҳамкор сифатида ўзини намоён этгани таъкидланди.
Томонлар тўғридан-тўғри кредитлашни кенгайтириш, Ўзбекистон тижорат банклари орқали қайта молиялаштириш механизмларини ривожлантириш, шунингдек, экспорт-кредит агентликлари қопламаси остида корпоратив молиялаштириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Устувор лойиҳаларни аниқлаш, уларни биргаликда экспертизадан ўтказиш ва босқичма-босқич амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Учрашув якунида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда юқори технологияли ва экспортга йўналтирилган лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмини ошириш муҳимлиги қайд этилди.