Ўзбекистон ва Латвия транспорт соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Транспорт вазири Илҳом Махкамов мамлакатимизга ташриф буюрган Латвия транспорт вазири Атис Швинка бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди.
Латвия темир йўллари, Рига, Лиепая ва Вентспилс портлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда томонлар темир йўл, автомобиль ташувлари, ҳаво алоқаси ва порт хизматлари соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама этишди.
Томонлар бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида транспорт соҳасидаги стратегик ҳамкорликни ва ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг ижобий динамикасини алоҳида таъкидладилар.
Атис Швинка ушбу лавозимга тайинланганидан сўнг Ўзбекистон Республикасига илк ташрифи эканлигини ва унинг мақсади Ўзбекистон билан транспорт соҳасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг кейинги босқичларини белгилаш эканини қайд этди.
Латвия томони авиарейслар сонини кўпайтириш, юк ташувлари ҳажмини ошириш ҳамда электрон тижоратни ривожлантиришга қизиқиш билдирди.
Ўзбекистон томони эса рақамли транспорт ҳужжатларига ўтиш, автомобилда юк ташувлари учун рухсатнома бланкалари сонини кўпайтириш, транзит ташувлари учун рухсатномасиз тизимни жорий этиш билан боғлиқ масалаларни кўтарди.
И. Махкамов Шарқ – Ғарб ҳамда жанубий йўналишда халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берди ва Латвия томонини ушбу йўлаклар салоҳиятини ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликда чоралар кўришга чақирди.