Ўзбекистон ва Латвия давлат аудити соҳасида қўшма лойиҳалар бўйича келишиб олдилар
Ўзбекистон ва Латвия давлат аудити соҳасида қўшма лойиҳалар бўйича келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева Латвия Республикаси Олий аудит органи раҳбари Эдгарс Кочагинс билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат давомида давлат аудити соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, замонавий аудит ёндашувларини татбиқ этиш ҳамда ахборотга асосланган бошқарув амалиётини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекситон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Латвия Олий аудит органи ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишуви амалий натижалар бераётганини, жумладан, қўшма ўқув тадбирлари ва тажриба алмашиш фаоллашганини таъкидланди. Шу билан бирга, Латвияда давлат аудити хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хисоб палатаси парламент билан яқин ҳамкорликда ишлаши, мунтазам ҳисоботлар тақдим этиши ва тегишли қўмиталар мажлисларида иштирок этиши ҳам қайд этилди.
Эдгарс Кочагинс Латвиянинг замонавий аудит амалиёти ҳақида маълумот берар экан мамлакатда асосий эътибор самарадорлик ва мувофиқлик аудитларига қаратилганлигини ҳамда барқарор бошқарув тизими туфайли молиявий аудитларга эҳтиёж камайганини айтиб ўтди. Шунингдек, хусусий аудиторлар ва ички аудит бўлимларининг давлат аудити тизимидаги иштироки алоҳида қайд этилди.
Латвияда давлат аудити тавсияларидан бюджет жараёнида фойдаланиш амалиёти билан ўртоқлашилди. Хусусан, ҳар йили бюджет даромадларини ошириш ёки харажатларни қисқартиришга хизмат қиладиган тавсиялар бўйича махсус маълумот тайёрланиши ва унинг ҳукумат ҳамда парламент томонидан қарорлар қабул қилишда қўлланилиши таъкидланди.
Латвия томони Ўзбекистонда стратегик бошқарув, мониторинг ва баҳолаш тизимларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори баҳоланди. Data-based governance тамойилларига ўтиш давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда муҳим қадам экани таъкидланди.
Мулоқот давомида давлат дастурлари натижаларини таҳлил қилиш ва ахборот тизимларини интеграция қилиш масалалари бўйича ҳам ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича самарадорлик аудитлари, хатарларни баҳолаш ва ички аудиторлар билан ҳамкорлик амалиёти бўйича ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди.