Ўзбекистон ва Lamar Holding инвестиция ҳамкорлиги ва инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Lamar Holding инвестиция ҳамкорлиги ва инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л. Кудратов ҳамда Lamar Holding компанияси Президенти ва асосчиси доктор Лина Нуреддин бошчилигидаги Баҳрайн Қироллиги делегацияси ўртасида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва инфратузилма лойиҳаларини ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар энергетика ҳамда ижтимоий инфратузилма соҳаларида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тамойиллари асосида лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқдилар. 2026 йилда ишга туширилиши режалаштирилган ДХШ лойиҳалари тақдим этилди.
Электр ва газ тармоқларини модернизация қилиш, сув таъминоти тизимларини ривожлантириш, тиббиёт муассасаларини қуриш ҳамда замонавий мактаблар барпо этиш дастурини амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Пилот ташаббусларни ишлаб чиқиш ва техник маслаҳатлашувлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Lamar Holding 2008 йилда Баҳрайнда ташкил этилган бўлиб, асосий фаолияти Саудия Арабистонида йўлга қўйилган. Компания нефть-газ, сув хўжалиги ва инфратузилма соҳаларида йирик ДХШ лойиҳаларига ихтисослашган. Лойиҳалар портфели – 2,5 млрд АҚШ доллари, активлари – 500 млн АҚШ доллари, 20 дан ортиқ шўба корхонаси ва 5 000 нафардан зиёд ходимга эга.