Ўзбекистон ва Корея Республикаси Тошкентда интеллектуал транспортни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Транспорт вазирлилигида Жанубий Кореянинг Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги (MOLIT) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама этишди. Хусусан, мамлакатимиз транспорт тизимини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларда Корея компанияларининг иштироки юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашув давомида Корея томони Тошкент шаҳри жамоат транспорти тизимини ривожлантиришга қаратилган таклифлари доирасида “Тошкент шаҳри ақлли транспорт тизимини ишлаб чиқиш бўйича мастер-режа лойиҳаси” юзасидан тақдимот ўтказди.
Хусусан, Тошкент шаҳрида ақлли автобус (жамоат транспорти) тизими лойиҳаси Корея халқаро пудратчилар ассоциацияси (ICAK) томонидан 2026 – 2029 йиллар давомида амалга оширилиши режалаштирилган.
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш мақсадида автобуслар учун алоҳида ажратилган йўлаклар (BRT) тизимини жорий этиш лойиҳаси эса 2027 – 2032 йиллар давомида амалга оширилиши кўзда тутилган.
Учрашув давомида Жанубий Кореянинг Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги (MOLIT) директор ўринбосари Ган ин Сук хоним 40 млн АҚШ миқдорида грант ажратилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.