Ўзбекистон ва KIND Smart Bio-Cluster лойиҳасини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Корея Республикасининг Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги ҳамда Кореянинг KIND (Korea Overseas Infrastructure & Urban Development) корпорацияси билан ҳукуматлараро ҳамкорлик доирасида илгари сурилаётган Биотехнология кластери бўйича бош режанинг дастлабки ҳисоботи муҳокамаси бўлиб ўтди.
Музокара давомида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакиллари бош режа юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирди ҳамда Корея Республикаси томонидан берилган саволларга жавоб берди.
Ушбу лойиҳа "K-City Network Global Cooperation" дастури доирасида Инновацион ривожланиш агентлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Аввалроқ, Тошкент шаҳрида "Smart Bio-Cluster" лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича бош режа, дастлабки техник-иқтисодий асослаш ҳамда амалга ошириш йўл харитасини тайёрлаш юзасидан келишувга эришилган эди. Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш жараёнида кореялик инвесторлар ва компанияларнинг иштирокини таъминлаш ҳам режалаштирилган.
Шундан сўнг делегация "Tashkent Pharma Park" инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ҳам кўздан кечирди ва бу ерда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда ҳамкорлик имкониятлари билан танишди.
Меҳмонлар "Smart Bio-Cluster" лойиҳаси учун Тошкент шаҳрида белгиланган ҳудудга ташриф буюриб, мавжуд инфратузилма имкониятлари ва танланган жойнинг лойиҳа талабларига мослиги билан яқиндан танишдилар. Уларга мазкур ҳудуд ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Делегация вакиллари "Grand Pharm" компаниясининг "Grand Logistics" марказига ҳам ташриф буюрдилар. Майдони 36 000 м² ни ташкил этувчи асосий омборда дистрибуция жараёни ҳамда GDP стандартлари ва SAP тизими асосида жорий қилинган тўлиқ автоматлаштирилган фаолият жараёни билан яқиндан танишди.