Валюта курслари 27/06/2025
$1 – 12586.41
UZS – 0.44%
€1 – 14758.82
UZS – 1.52%
₽1 – 160.42
UZS – 0.38%
Қидириш
Иқтисод 28/06/2025 Ўзбекистон ва KIDL қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда

Ўзбекистон ва KIDL қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари Кореянинг KIDL компанияси вакиллари билан учрашди.

Суҳбат чоғида томонлар ўртасидаги стратегик шериклик доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар, уларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги режалар атрофлича муҳокама қилинди. 

Жумладан, иссиқхона хўжалиги, замонавий лабораториялар ва совутгичли омборлар қуриш, илғор технологиялар асосида ўқув марказлари барпо этиш, мева-сабзавотчилик ҳамда картошкачилик йўналишидаги илмий-амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида замонавий иссиқхоналар барпо этиш, уларга параллель равишда совитиш ва сақлаш тизимларини йўлга қўйиш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Бу лойиҳалар ҳудудларда замонавий агроинфратузилмани шакллантиришга хизмат қилмоқда. 

Шунингдек, мева-сабзавотчилик йўналишида илғор тажрибаларни ўргатишга ихтисослашган ўқув маркази қурилиши, жиҳозланиши ва фойдаланишга топширилиши борасидаги амалий ҳаракатлар ижобий баҳоланди. Қурилиш ишлари якунланиб, бино ва иншоотлар замонавий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланмоқда.

Томонлар шунингдек, ақлли қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш, маҳаллий иқлимга мос техникаларни синовдан ўтказиш ва бу борадаги илғор тажрибаларни ўзлаштириш мақсадида инновацион марказ ташкил этиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар. Ушбу марказ негизида бир нечта ҳудудларда синов хўжаликлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Учрашувда, шунингдек, уруғлик картошка етиштириш, ин-витро лабораториялар ва замонавий иссиқхоналарни ишга тушириш борасида олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Корея томони билан биргаликда амалга оширилаётган бу ташаббуслар республиканинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хорижий бозорга экспорт қилиш, агрологистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда иссиқхоналарни модернизация қилиш каби янги йўналишларда ҳам ҳамкорликни кучайтириш бўйича англашувга эришилди.

Учрашув якунида томонлар амалдаги лойиҳаларни изчил давом эттириш, уларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда янги йўналишларда шерикликни кенгайтириш масалаларида ўзаро фикр алмашдилар ва тегишли чораларни белгилаб олдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг