Ўзбекистон ва Кения дипломатик муносабатлар ўрнатди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Кения билан дипломатик муносабатлар ўрнатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Баҳтиёр Саидовнинг Кения Бош вазири ва ташқи ишлар ҳамда диаспора ишлари вазири Мусалия Мудавади билан учрашуви доирасида икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилиши тўғрисидаги қўшма коммюнике имзоланди.
Эндиликда Ўзбекистон дипломатик алоқаларни йўлга қўйган давлатлар сони 164 тага етди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири таъкидлаганидек, Кения Африканинг энг жадал ривожланаётган иқтисодиётларидан бири, шунингдек технология ва инновациялар маркази сифатида муносиб тараққиёт намоён этмоқда.
Учрашув чоғида икки мамлакат халқларига сезиларли наф олиб келиши керак бўлган ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун кенг имкониятлар муҳокама қилинди.