Ўзбекистон ва Канада ўртасида парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Канада Жамоатлар палатасидаги “Канада – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси Зияд Абуолтаиф бошчилигидаги делегация аъзолари билан видеоконференцалоқа шаклида учрашув ўтказди.
Унда икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқалар, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари, таълим, туризм соҳаларидаги имкониятлар муҳокама этилди.
Парламентлараро мулоқотни янада чуқурлаштириш мақсадида икки мамлакат қонун чиқарувчи органларининг тегишли қўмиталари ўртасида ўзаро ташрифлар ва йиллик йиғилишларни мунтазам ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда икки томонлама мулоқот ва ташрифлар фаоллашди. Шу билан бирга, савдо айланмасини янада ошириш, ҳудудлар ва бизнес доиралари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилиниб, Канаданинг етакчи олий ўқув юртлари билан қўшма дастурлар ва филиаллар ташкил этиш, ўқув-илмий алоқаларни ривожлантиришнинг муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, учрашувда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, икки мамлакат шаҳар ва ҳудудлари ўртасида биродарлик алоқаларини йўлга қўйиш, ўзаро тажриба ва лойиҳалар алмашинувини таъминлашга урғу берилди.