Ўзбекистон ва Жанубий Корея яшил иқтисодиётга ўтиш лойиҳаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Жанубий Корея яшил иқтисодиётга ўтиш лойиҳаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) вакиллари билан Ўзбекистоннинг Париж битими доирасидаги мажбуриятларини амалга оширишини жадаллаштириш ва 6-модда доирасида Корея Республикаси билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев, KOICAнинг директор ўринбосари Парк Сеонгмин бошчилигидаги делегация вакиллари, Глобал яшил ўсиш институтининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Стелла Сеунг Еон Леэ ҳамда Кореянинг хусусий сектор вакиллари иштирок этди.
Учрашувдан асосий мақсад Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Глобал яшил ўсиш институти ўртасида имзоланган “Яшил иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги 6,5 миллион доллар қийматидаги келишув доирасида келгусида амалга ошириладиган ишларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Муҳокама жараёнида Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев томонидан лойиҳа Ўзбекистон учун Кореянинг ҳар хил турдаги энг илғор ва энергия самарадор технологияларни тажриба-синов сифатида жорий этиш бўйича муҳим қадам ҳисобланиши таъкидланди.
Шунингдек, Глобал яшил ўсиш институти вакили Суёунг Парк томонидан лойиҳанинг асосий мақсадлари, йўналишлари, компонентлари ва келгусида кутилаётган натижалар юзасидан тақдимот ўтказди.
Учрашув якунида, томонлар мазкур лойиҳа доирасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди ва келгусидаги амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб олди.