Валюта курслари 24/10/2025
$1 – 12129.33
UZS – 0.23%
€1 – 14061.53
UZS – 0.21%
₽1 – 149.17
UZS – 0.78%
Қидириш
Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлат харидларида сунъий интеллектни биргаликда жорий этиш масаласини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлат харидларида сунъий интеллектни биргаликда жорий этиш масаласини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлат харидларида сунъий интеллектни биргаликда жорий этиш масаласини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Вон До Ён билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, вазир ўринбосари Гулнора Рахимова ҳамда Ғазначилик хизмати қўмитаси раиси Абдулазиз Хайдаров иштирок этди.

Музокаралар давомида томонлар сунъий интеллект (СИ) технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Жумладан, давлат харидлари жараёнларини рақамлаштириш бўйича кореялик мутахассисларни жалб этган ҳолда ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, молия-ғазначилик соҳасида СИ ечимларини жорий этиш бўйича қўшма ташаббусларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув давомида экспертлик ҳамкорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, кореялик мутахассисларни тажриба алмашиш ва маслаҳат кўрсатиш мақсадида жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини қўллаш соҳасидаги ҳамкорликни икки томонлама шерикликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида қайд этди.

Шунингдек, сунъий интеллект марказларини ташкил этиш ҳамда технологик йўналишларда малакали кадрларни тайёрлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига тўхталиб ўтилди.

Учрашув якунида томонлар инновацион ва рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг