Ўзбекистон ва Жаҳон банки “Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия” лойиҳасини амалга оширишни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия” лойиҳаси жамоаси ҳамда Жаҳон банки вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Жаҳон банкининг энергетика бўйича катта мутахассислари Ирина Войтехович ва Ёрн Ҳюнтелер ҳамда соҳа бўйича бошқа ходимлари қатнашишди. Ўзбекистон томонидан эса Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директори Зиёвиддин Бадриддинов, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бирлаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи директори Бобурбек Эгамов, лойиҳа менежери Таълат Нуриллаев ва бошқа масъуллар иштирок этишди.
Йиғилиш давомида лойиҳа доирасида ишларни илғор туманларда ташкил этиш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, ёлланган халқаро консультант иш жараёнини жадаллаштириш, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги билан ҳамкорликни янада ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва мавжуд ташаббусларни самарали амалга оширишда ўзаро қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.