Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги экологик ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ижтимоий ривожланиш бўйича амалиёт раҳбари Гаяне Минасян билан учрашди.
Учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, экология ва иқлим соҳасидаги долзарб лойиҳалар доирасида самарали тажриба алмашиш, Ўзбекистоннинг “яшил" иқтисодиётга ўтиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” («Resiland») лойиҳасининг амалга оширилиш жараёни кўриб чиқилди.
Мазкур лойиҳадан мақсад Ўзбекистон ўрмон хўжалиги тизимини модернизация қилиш, чўлланиш ва эрозияга қарши кураш, танланган ҳудудларда (Жиззах, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Сирдарё ва Сурхондарё) ўрмон ландшафтларини кўпайтириш ва трансчегаравий ландшафтларни тиклаш бўйича Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилишга кўмаклашишдир.
Учрашувда ҳаво ифлосланишининг инсон саломатлигига ва иқтисодий ривожланишга салбий таъсири масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жаҳон банки кўмагида Тошкент шаҳрида ҳаво сифати баҳоланиши, Термизда мониторинг ишлари олиб борилиши, Наманганда эса навбатдаги лойиҳа йўлга қўйилиши режалаштирилганлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида экологик хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганлиги, 2025 йил мамлакатда “Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили” деб эълон қилинганлиги ва бошқа ташаббуслар ҳақида маълумот берилди ҳамда “2035 йилгача атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш стратегияси” лойиҳаси тақдим этилди.
Қолаверса, энергетика соҳасида қайта тикланувчи манбалар улушини 60 фоизга етказиш бўйича қатъий мақсадлар белгиланганлиги ҳам таъкидланди.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда Ўзбекистон экология ва барқарор ривожланиш соҳасида минтақавий ва глобал миқёсда фаол иштирок этаётганлиги, Самарқанд бу борада қатор халқаро конференцияларга мезбонлик қилгани таъкидланди. Ўз навбатида Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистоннинг экологик ислоҳотлари, иқлим ўзгаришига мослашиш сиёсати ҳамда халқаро миқёсдаги фаол позициясини юқори баҳолади.
Жаҳон банки делегациясига Самарқандда 2025 йил 24 ноябрдан 5 декабргача ўтказиладиган CITES COP20 халқаро конференцияси, 2026 йил 31 май – 5 июнь кунлари бўлиб ўтадиган GEFнинг 8-Ассамблеяси ва "Eco Expo Central Asia – 2026" кўргазмасида қатнашиш ҳамда кўргазмада ўз павильонини ташкил қилиб, глобал «яшил» ташаббусларни намойиш этиш таклиф қилинди.
Якунда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, экологик лойиҳалар самарадорлигини ошириш ва барқарор ривожланишга қўшилаётган ҳиссани кенгайтиришга келишиб олинди.