Валюта курслари 19/12/2025
$1 – 12021.61
UZS – -0.32%
€1 – 14092.93
UZS – -0.26%
₽1 – 150.44
UZS – 0.25%
Қидириш
Ўзбекистон ва Жаҳон банки газ сизиб чиқишини бартараф этиш лойиҳасини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Жаҳон банки газ сизиб чиқишини бартараф этиш лойиҳасини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Жаҳон банки газ сизиб чиқишини бартараф этиш лойиҳасини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 18 декабрь куни Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда газ сизиб чиқишларини бартараф этиш” лойиҳаси доирасида Жаҳон банки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда «Ўзтрансгаз» АЖ вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев, Жаҳон банкининг газ бўйича катта мутахассиси Роберт ван дер Гест ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикасида газ сизиб чиқишларини бартараф этишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш бўйича асосий институционал ва молиявий масалалар кўриб чиқилди.

Хусусан, лойиҳа доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда «Ўзтрансгаз» АЖнинг роллари ва масъулиятлари, газ сизиб чиқишларини аниқлаш ва таъмирлаш ишларини режалаштириш, ушбу ишларни скринингдан ўтказиш, шунингдек грант маблағларини ажратиш ва ўзлаштириш механизмлари юзасидан фикр алмашилди.

Бундан ташқари, газ йўқотишлари қисқариши натижасида юзага келадиган молиявий тежамкорликни мустақил верификация қилиш, ушбу тежамкорликни махсус жамғариб бориладиган ҳисобда тўплаш ва кейинчалик қайта инвестиция қилиш механизми ҳамда унинг газ тарифлари билан ўзаро боғлиқлиги бўйича ёндашувлар таҳлил қилинди.

Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистон газ секторида «Ўзтрансгаз» АЖ тасарруфидаги мавжуд активларда газ сизиб чиқишларини бартараф этиш орқали назоратсиз метан чиқиндилари ва техник йўқотишларни сезиларли даражада қисқартириш, шунингдек қайта тикланган газдан олинган молиявий тежамкорликни қайта инвестиция қилиш орқали қўшимча капитални сафарбар этишни таъминлашдан иборат.

Лойиҳанинг тавсифига кўра, лойиҳа Ўзбекистон газ секторидаги давлат операторларига қарашли мавжуд активлардаги сизиб чиқишларни бартараф этиш учун молиявий фонд – “Gas Leakage Financial Facility”ни ташкил этишни назарда тутади.

Мазкур молиявий фонд ўз фаолиятини Жаҳон Банки томонидан ажратиладиган 10 млн АҚШ доллари миқдоридаги дастлабки грант маблағлари билан бошлайди. Ушбу маблағлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан метан чиқиндиларини камайтиришга қаратилган таъмирлаш ишларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Учрашув якунида лойиҳани амалга оширишга оид якуний ҳужжатлар, жумладан грант келишуви ҳамда Ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг