Ўзбекистон ва Жаҳон банки давлат молиясини бошқариш соҳасидаги ислоҳотларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров Жаҳон банкининг бошқарув ва давлат сектори масалалари бўйича етакчи мутахассиси Каи-Александр Каизер раҳбарлигидаги вакиллар гуруҳи билан музокаралар ўтказди.
Суҳбат давомида томонлар 2025–2030 йилларга мўлжалланган Давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясида инобатга олинаётган ислоҳотларни амалга оширишда Жаҳон банкининг техник кўмагини муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жаҳон банкининг муқобил молиялаштириш воситаси Натижага асосланган кредитлаш дастури (PforR) ва Ўзбекистонда ундан фойдаланиш истиқболлари ҳамда шарт-шароитларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жаҳон банки томонидан ишлаб чиқилган молиялаштириш ёндашуви бўлиб, бунда, маблағлар сарфланган харажатлар асосида эмас, балки ўлчанадиган, миқдорий ва сифат кўрсаткичларига эришилгач ажратилади.
Учрашув якунида Жаҳон банки вакиллари ташрифи давомида амалга оширилиши режалаштирилган Натижага асосланган кредитлаш дастури (PforR) бўйича семинар ҳамда келгуси қадамлар тўғрисида келишиб олди.