Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги таълими соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги таълими соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги таълими соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахтда ўтказилаётган “Италия – Марказий Осиё (С5) + Озарбайжон” бизнес-форуми доирасида Ўзбекистон ва Италия ўртасида аграр соҳада кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда.

«Confagricoltura» ташкилоти вице-президенти Лука Бронделли ҳамда ижрочи ёрдамчи Кевин Пимпинелли Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги Кадрлар малакасини ошириш институти фаолияти билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида институт фаолияти, хусусан, хорижда вақтинчалик меҳнат қиладиган мутахассисларни тайёрлаш тизими муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистондан Италияга юборилаётган ходимлар учун итальян тили ва меҳнат хавфсизлиги бўйича қисқа муддатли ўқув дастурларини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.

Италия делегацияси институтдаги замонавий инфратузилма ва таълим шароитларини юқори баҳолаб, қўшма лойиҳаларни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар аграр соҳада билим ва тажриба алмашинувини кучайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда ўқув дастурларини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш юзасидан келишувга эришди.

Мутахассислар фикрича, мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг