Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги суғуртасини такомиллаштириш бўйича меморандум имзоладилар
Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги суғуртасини такомиллаштириш бўйича меморандум имзоладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Италия – Марказий Осиё (С5) + Озарбайжон” бизнес-форуми доирасида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигида вазирлик ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси ҳамда Аграр соҳада тўловлар агентлиги масъуллари Италиянинг қишлоқ хўжалиги тўловлари агентлиги — AGEA вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, аграр соҳада замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш ҳамда институционал ривожланишни таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқадиган муҳим ҳужжат — меморандум имзоланди. Ушбу келишув аграр суғурта ва субсидия тизимини такомиллаштириш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва жорий этиш ҳамда замонавий бошқарув ёндашувларини амалиётга татбиқ этиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Ҳамкорлик доирасида аграр суғурта ва субсидия тизими чуқур таҳлил қилинади, Европа, хусусан Италия тажрибаси асосида замонавий институционал модель ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, тўлов ва назорат механизмларини такомиллаштириш, соҳани рақамлаштириш ҳамда замонавий платформаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Таъкидланганидек, мазкур ҳамкорлик тизимли ва узлуксиз тарзда олиб борилади. Халқаро экспертлар билан ҳар ой икки маротаба онлайн видеоконференциялар ўтказилиб, ҳар бир йўналиш бўйича аниқ натижаларга эришиш кўзда тутилган.