Ўзбекистон ва IFPRI қишлоқ хўжалиги сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг «S5+1» форматидаги саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Халқаро озиқ-овқат сиёсат тадқиқот институти (IFPRI) Бош директори Суреш Бабу билан учрашди.
Самимий руҳда бошланган мулоқотда озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги сиёсати йўналишида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, илмий-тадқиқот фаолиятида қўшма дастурларни амалга ошириш, аграр бозорлар таҳлили бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, иқлим ўзгариши шароитида барқарор қишлоқ хўжалиги сиёсатига оид семинар ва тренинглар ташкил этиш масалалари юзасидан фикрлар алмашилди.
Учрашув якунида томонлар аграр соҳадаги илмий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, кадрлар алмашинувини йўлга қўйиш ва халқаро тажриба алмашинувини кучайтириш аграр соҳа ривожида муҳим омил эканини таъкидладилар.