Ўзбекистон ва ICCROM маданий меросни асраб-авайлаш бўйича меморандум имзолади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Парижда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова ва Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримовнинг ICCROM маркази бош директори Аруна Франческа Мария Гужрал билан учрашуви бўлиб ўтди.
ICCROM ва Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ўртасида ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши музокараларнинг асосий натижаси бўлди.
Ушбу ҳужжат тўртта стратегик йўналиш: жаҳон мероси объектларини барқарор бошқариш, меъморий меросни консервация қилиш амалиётларини модернизация қилиш, музейлар иши ва илмий саводхонликни ривожлантириш ҳамда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан, номоддий меросни мустаҳкамлаш масалаларини қамраб олади.