Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш доирасида "India–Uzbekistan Pharma Business Meet" учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ҳиндистоннинг етакчи фармацевтика компаниялари ҳамда "Pharmaceuticals Export Promotion Council of India" (Pharmexcil) вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Смита Пант ҳамда Pharmexcil бош директори Ража Бхану иштирок этиб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон томонидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов мамлакатнинг инвестициявий ва саноат салоҳиятини тақдим этиб, ишлаб чиқаришни локализация қилиш, технологиялар трансфери ва Марказий Осиё бозорларига чиқиш имкониятларига алоҳида тўхталди.
Шунингдек, "Tashkent Pharma Park" фармацевтика кластери - (Bio Pharma City) ҳудудининг инвестицияларни жалб этиш ва ишлаб чиқаришни жойлаштиришдаги стратегик аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга ўзаро тайёр эканликларини билдириб, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.