Ўзбекистон ва Германия яшил иқтисодиёт ва минтақавий ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Германия Федератив Республикасининг Федерал иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги Шарқий ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича ваколатли вакил, ветеринария фанлари доктори Каролина Пробст хоним бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазири биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда вазир маслаҳатчиси Жасур Каршибаев иштирок этди.
Мулоқот давомида Германия тараққиёт банки (KfW) ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг жорий ҳолати, ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган мастер режаларни амалиётга жорий этиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, KfW ва GIZ билан биргаликда энергия самарадорлигини ошириш, яшил иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш, молиявий бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда мастер режаларга мувофиқ пилот лойиҳаларни амалга оширилаётгани қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар мавжуд ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги ташаббусларни илгари суриш ва долзарб йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрликларини билдирдилар.