Ўзбекистон ва Германия иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Германия иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 25 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир ўринбосари Акрам Алиев Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси ижрочи директори Михаэл Ҳармс билан учрашди.
Музокараларнинг муҳим мавзуларидан бири икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда илгари эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш бўлди. Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва мавжуд лойиҳалар самарадорлигини оширишга қаратилган навбатдаги чораларни батафсил муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Ўзбекистонга янги немис компанияларини жалб этиш истиқболлари ва савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди. Учрашув иштирокчилари ўзаро ҳамкорлик салоҳияти юқорилигини, ундан изчил ва тизимли равишда фойдаланиш зарурлигини таъкидладилар.
Тадбир якунида томонлар қўшимча ташаббусларни жадал ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирдилар ҳамда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги шерикликни барқарор ривожлантиришга хизмат қиладиган янги йўналишлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар.