Ўзбекистон ва ГEФ Ассамблея олдидан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон ва ГEФ Ассамблея олдидан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон ва ГEФ Ассамблея олдидан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва Глобал экологик фонд (ГEФ) бош ижрочи директори Клод Гаскон ўртасида видеомулоқот бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида томонлар Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган VIII ГEФ Ассамблеясига тайёргарликнинг ташкилий жиҳатларини атрофлича кўриб чиқдилар.

Шунингдек, Ассамблеянинг ишбилармонлик ва маданий дастурининг бир қатор муҳим йўналишлари, жумладан, “Боқий шаҳар” мажмуасида маданий тадбирлар ташкил этиш ҳамда ёшлар санъат кўргазмасини ўтказиш масалалари бўйича келишувга эришилди.

Учрашув давомида мутахассисларни профессионал алмашинув ва салоҳиятни ошириш мақсадида ГEФга юборишни назарда тутувчи дастурни амалга ошириш бўйича битим имзолашга ҳам эътибор қаратилди.

Шунингдек, “Марказий Осиё тоғ экотизимлари” минтақавий лойиҳасини амалга ошириш учун 5,4 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши тасдиқлангани маълум қилинди. Ушбу лойиҳа Жаҳон банки иштирокида амалга оширилади. ГEФ Ўзбекистонга жамғарманинг донор давлатига айланиш имкониятини ҳам кўриб чиқишни таклиф этди.

Бу мақом республикага ташкилот молиявий ресурсларини тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этиш имконини беради.

Бундан ташқари, умумий буджети 26 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи “Марказий Осиё сув ва ер ресурслари ўзаро боғлиқлиги (CAWLN)” минтақавий дастурини ишга туширишга бағишланган юқори даражадаги давра суҳбати ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

ГEФ, шунингдек, Марказий Осиёда йирик мушуксимон ҳайвонлар популяциясини сақлашга қаратилган минтақавий лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва ГEФ ўртасида ҳамкорлик юқори суратда давом этиши, шунингдек, барқарор ривожланишни илгари суриш ва минтақадаги долзарб экологик муаммоларни ҳал этишга эътибор янада кучайтирилиши таъкидланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг