Ўзбекистон ва Франция қўшма сайёҳлик лойиҳалари бўйича келишиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Парижда бўлиб ўтаётган Европанинг энг йирик халқаро сайёҳлик кўргазмаларидан бири бўлган “IFTM Top Resa”да иштироки доирасида Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Франция ва Европанинг туризм соҳасидаги йирик компаниялари вакиллари билан бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Учрашувлар давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш истиқболлари, мамлакатга кўпроқ сайёҳларни жалб этиш, сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий диққатга сазовор жойлари ҳақидаги маълумотларнинг оммабоплигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида Ўзбекистоннинг таниқлигини оширишга йўналтирилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, биргаликда кенг қамровли маркетинг кампанияларини ўтказиш ҳамда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини халқаро майдонда намойиш этишга кўмаклашадиган тадбирларни ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.