Ўзбекистон ва Франция ўртасида парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Франция ўртасида парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенат Раиси Танзила Нарбаева “Ўзбекистон – Франция” биринчи парламентлараро форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган сенатор Валери Бойе бошчилигидаги Франция Сенати делегацияси билан учрашди.
Суҳбат чоғида олий даражадаги конструктив мулоқот туфайли Ўзбекистон – Франция муносабатлари жадал ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди. Франция Ўзбекистоннинг ишончли ва узоқ муддатли ҳамкори экани қайд этилди.
Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликнинг ижобий натижалари муҳокама қилинди. Томонлар, шунингдек, аграр ва сув хўжалиги, энергетика, саноат, озиқ-овқат, транспорт, логистика йўналишларидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини ҳам кўриб чиқиб, халқаро майдондаги ташаббуслар ўзаро қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Икки давлат ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашнинг муҳим элементи сифатида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тегишли қўмиталар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
“Ўзбекистон – Франция” биринчи парламентлараро форумининг ўтказилиши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда икки томонлама ва минтақалараро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқишнинг таъсирчан механизми сифатида муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида парламентлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.