Ўзбекистон ва Франция фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Франция фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Илҳом Сирожев ҳамда Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, хусусан, Ўзбек-Француз университети фаолиятини самарали ташкил этиш ва унинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар касбий таълим тизимида қўшма лойиҳаларни жорий этиш ва амалиётга йўналтирилган кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, илмий йўналишлар ва тадқиқотлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва академик алмашинув дастурларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот якунида таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.