 
                            
                                Ўзбекистон ва Финляндия ўртасида озиқ-овқат саноатида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Финляндиянинг машҳур «Valio» компанияси Ижроия вице-президенти Марианна Таммела билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва технологик ҳамкорликнинг янги йўналишлари, хусусан, озиқ-овқат саноатида замонавий ишлаб чиқариш тажрибаларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
«Valio» компанияси 1905 йилда ташкил топган бўлиб, бугун Финляндиянинг энг йирик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиси ва экспортчиси сифатида танилган. Компания йиллик 2,3 миллиард евролик айланмага эга бўлиб, сут маҳсулотлари ҳамда ўсимлик асосидаги озиқ-овқат турларини ишлаб чиқаради ва 50 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилади.
Учрашувда компания тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш, савдо ҳажмини ошириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришдилар.