Ўзбекистон ва ЕХҲТ оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 11 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ЕХҲТ ва унинг институтлари, хусусан, ОАВ эркинлиги бўйича вакиллиги билан ҳамкорлик янги сифат босқичига чиққани таъкидланди. Ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар медиасаводхонликни ошириш, журналистлар ва давлат органлари матбуот котибларининг касбий маҳоратини юксалтириш бўйича халқаро экспертлар ва мутахассислар иштирокида турли тренинг ва ўқув курсларини ташкил этишнинг қўшма лойиҳаларини амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Ташриф доирасида ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Ян Брату жорий йил 13–14 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “ОАВнинг хабардор ва барқарор жамият учун ҳаётий салоҳиятини таъминлаш” мавзусидаги 25-Марказий Осиё медиа-конференциясида иштирок этади.