Ўзбекистон ва Эстония таълим ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Эстониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Яп Орани қабул қилди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Эстония ўртасида олий таълим, илм-фан ҳамда инновациялар соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, қўшма лойиҳалар ва академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Суҳбат чоғида Эстониянинг етакчи олий ўқув юртлари ректорларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистон олийгоҳларининг Эстонияда ўтказиладиган таълим кўргазмалари ва ярмаркаларида иштирок этиши, шунингдек, эстониялик талабаларнинг мамлакатимизда таълим олиши учун шароитларни енгиллаштириш бўйича фикр алмашилди.
Яп Ора мамлакатимизда стартап экотизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади. У, айниқса, ҳар йили ўтказиб келинаётган « InnoWeek» халқаро инновацион ғоялар ҳафталигига Эстония делегациясининг жалб этилишига қизиқиш билдирди. Шу билан бирга, стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича Эстонияда йўлга қўйилган самарали тизим фаолиятини ўрганиш муҳимлиги қайд этилди. Маълумот учун: 2021 йилда Эстония аҳоли жон бошига «яккашоҳ» (капитализацияси 1 млрд АҚШ долларидан ортган) стартапларнинг сони бўйсиҳа ектакчи бўлган.
Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, таълим ва инновация йўналишларида қўшма ташаббусларни илгари суришга келишиб олинди.