Валюта курслари 17/10/2025
$1 – 12160.99
UZS – -0.59%
€1 – 14178.50
UZS – -0.39%
₽1 – 153.92
UZS – -0.59%
Қидириш
Ўзбекистон ва Эрон қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Эрон қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Эрон қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳаммадали Искандарий билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида томонлар икки мамлакат ўртасидаги аграр ҳамкорликни янада кенгайтириш, мавжуд алоқаларни янги ва истиқболли лойиҳалар билан бойитиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашувда дронлар етказиб бериш, кўчатчилик, чорвачилик, уруғчилик, балиқчилик ва наслчилик йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, Эрон тажрибасини ўрганиш, илғор технологияларни Ўзбекистонда жорий этиш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди.

Шунингдек, соҳа вакиллари ўртасида тажриба алмашиш, ўқув ва амалий дастурларни ташкил этиш муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Учрашувда қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш масалалари ҳам батафсил муҳокама қилинди.

Вазир Эроннинг аграр тажрибаси Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга Ўзбекистон доимо тайёр эканини билдирди.

Айниқса, балиқчилик соҳасида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани қайд этилди. Бу борада қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, чорвачилик йўналишида Эроннинг етказиб бериш бўйича тажрибаси алоҳида эътироф этилди. Бу йўналишда илмий-амалий тажрибаларни ўзлаштириш, ўзаро савдо алоқаларини ривожлантириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳим деб топилди.

Мулоқот чоғида, шунингдек, маҳсулотларни қадоқлаш, зайтун етиштириш ва уни қайта ишлаш, шунингдек доривор ўсимликларни маданийлаштириш ва қайта ишлаш йўналишларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг белгиланган йўналишларидан келиб чиқиб, ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш, амалий ишларни жадаллаштириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР