Ўзбекистон ва DoCotton Group тўқимачилик саноати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва DoCotton Group тўқимачилик саноати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 28 январь куни Анқара шаҳрида Туркиянинг етакчи тўқимачилик компанияларидан бири “DoCotton Group” Бошқарув кенгаши раиси Меҳмет Доған ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
DoCotton Group — Туркияда жойлашган етакчи пахта етиштириш, тўқимачилик хом ашёси таъминоти ва қайта ишлаш бўйича халқаро компания ҳисобланади. Компания пахта етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш ва глобал бозорга етказиб беришгача бўлган бутун тўқимачилик қиймат занжирида фаолият юритади.
Учрашув давомида томонлар тўқимачилик соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашди. Хусусан, халқаро барқарорлик ва сифат стандартлари — OTS, OCS, OEKO-TEX, Regenerative Agriculture (RegAgri) ҳамда BCI талабларига мувофиқ пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда чарм ва ипак саноатини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда қиймат занжирини кенгайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди ҳамда соҳада углерод бирликларини шакллантириш ва уларни сотиш механизмларини жорий этиш, экологик тоза ишлаб чиқариш ҳамда «яшил» технологияларни кенг татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар амали ва узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, юқоридаги масалалар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтириш ҳамда аниқ йўналишлар бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш келишиб олди.