Ўзбекистон ва China Construction фармацевтика соҳасидаги лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Хитойнинг йирик компанияларидан бири - "China Construction" компанияси вакиллари билан учрашди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари ҳамда Ўзбекистонда фармацевтика саноатининг жадал ривожланишига оид масалалар муҳокама қилинди.
Суҳбат жараёнида мамлакатимизда фармацевтика соҳасига давлат даражасида катта эътибор қаратилгани, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни жорий этиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
"China Construction" компанияси вакиллари ўз фаолияти ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Таъкидланишича, компаниянинг асосий фаолият йўналишлари қурилиш ва лойиҳалаш ишларини амалга ошириш, халқаро инвестицияларни жалб этиш ҳамда қурилган объектларни самарали эксплуатация қилишни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, хитойлик ҳамкорлар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдираётганини, айниқса фармацевтика кластерлари, илмий-тадқиқот марказлари ва саноат зоналарини қуриш соҳаларида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини маълум қилдилар.
Учрашув очиқ ва конструктив муҳитда ўтди. Томонлар келгусида ҳамкорликни йўлга қўйиш, аниқ лойиҳалар устида иш олиб бориш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришдилар.
Учрашув якунларига кўра, ўзаро англашув меморандуми имзоланди.