Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги қўшма лойиҳа бўлган Naqsh ҳунармандчилик мактаби Тошкентда очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахтда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Британиянинг энг қадимги анъанавий санъат мактаби - Қироллик жамғармаси анъанавий санъат мактаби (KFSTA) кўмагида ташкил этилган Нақш ҳунармандчилик мактабининг очилиши бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
KFSTA кўп йиллардан буён дунёнинг турли бурчакларидан келган усталарга меъморчилик, нақш, хаттотлик ва амалий санъат сирларини ўргатиб келаётган маскандир. Эндиликда бу бой тажрибадан Ўзбекистонда ҳам баҳраманд бўлиш имкони пайдо бўлмоқда.
«Naqsh» мактабининг биринчи ўқув йили беш курсдан ташкил топади. Дастлабки машғулотлар Тошкентда, 2-босқич Самарқандда — Улуғбек мадрасасида ўтказилиб, талабалар XV аср ёдгорликлари мисолида ислом санъатига оид нақшларни ўрганадилар.
«Қадимий ҳунарлар замон билан ҳамнафас бўлаётгани, усталар эса уларни авлоддан авлодга етказиш учун илҳом олаётгани қувонарли ҳол», деди Саида Мирзиёева.