Ўзбекистон ва Бразилия ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Бразилия ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов Бразилия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Сержио Родригес дос Сантос ҳамда Бразилия Ташқи ишлар вазири ўринбосари – Осиё-Тинч океани минтақаси котибияти раҳбари Сюзан Клеебанк билан учрашди.
Учрашувда томонлар икки мамлакат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, саноат ва агросаноат кооперациясидаги ўзаро манфаатли лойиҳаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, Жанубий Америка, Осиё, Европа ва Яқин Шарқ бозорларига биргаликда чиқиш имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Суҳбат чоғида 2026 йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Бразилия бизнес-форумини ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Томонлар бу тадбир икки мамлакат ишбилармонлари учун тўғридан-тўғри мулоқот, янги шерикликлар ва қўшма лойиҳалар учун муҳим платформа бўлишини таъкидладилар.
Меҳмонларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестициявий ислоҳотлар, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ҳамда электротехника, автомобилсозлик, авиация саноати, рақамли иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва хомашё таъминоти каби соҳалардаги ҳамкорлик имкониятлари тўғрисида маълумот берилди.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларининг ишбилармон алоқаларини БРИКС мамлакатларининг ишбилармон доиралари билан ривожлантириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни амалга оширишга ҳамда инвестициявий-савдо ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида БРИКС ва "Марказий Осиё + Озарбайжон" платформаларидан фойдаланишга келишиб олдилар.
Икки мамлакат бизнеслари ўртасида доимий мулоқотни таъминлаш мақсадида “Марказий Осиё + Бразилия” бизнес-клубини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Бразилия томони ўз навбатида 2026 йилда бразилиялик компаниялар бизнес-миссиясини Ўзбекистонга юбориш, шунингдек, ўзбек ишбилармонларининг Бразилияга ташрифини ташкил этишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган ташаббусларни амалга ошириш ва ўзаро иқтисодий ҳамкорликни изчил ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.