Ўзбекистон ва Босния ва Герцеговина Makkah Halal Forum'да ҳалол секторидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Босния ва Герцеговина Makkah Halal Forum'да ҳалол секторидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Makkah Halal Forum” халқаро форуми доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Қурбонов ҳамда Босния ва Герцеговина Ислом жамияти ҳузуридаги Ҳалол сифатни сертификатлаш агентлиги директори Дамир Алиходжич ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида, мазкур Агентлик 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни ҳалол стандартлар асосида сертификатлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини аудит қилиш ҳамда Европа бозорларида тан олинадиган ҳалол сертификатлар бериш билан шуғулланади.
Музокаралар давомида Давронбек Қурбонов “Made in Uzbekistan” ягона миллий бренди остида намойиш этилаётган маҳсулотларни тақдим этди. Босния ва Герцеговина томони мамлакатда қуритилган мевалар, писта ва бодом маҳсулотларига талаб юқори эканини қайд этиб, ўзбек маҳсулотлари сифат ва рақобатбардошлик жиҳатидан ушбу бозорда муносиб ўрин эгаллаши мумкинлигини таъкидлади.
Шунингдек, томонлар тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, B2B учрашувлар ва савдо миссияларини ташкил этиш орқали ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида Дамир Алиходжич ўзбек маҳсулотларини Босния ва Герцеговина бозорида тарғиб қилиш ва икки мамлакат ишбилармонларини боғлашга қаратилган амалий чораларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Мазкур мулоқот маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун Европа бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.