Ўзбекистон ва Беларус ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар тўғрисида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг 25 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Беларус Республикаси Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди.
Делегацияларга икки давлат ташқи ишлар вазири ўринбосарлари Бобур Усмонов ва Павел Утюпин бошчилик қилди.
Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳар томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Олий ва юқори даражадаги ташрифлар чоғида белгиланган вазифалар ижросининг бориши кўриб чиқилди.
Томонлар турли даражадаги фаол алоқалар, ўзаро савдо ҳажми изчил ўсиб бораётгани, саноатнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳалар амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва кўп томонлама платформаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ошириш бўйича умумий мажбурият тасдиқланди.
Савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида мавжуд салоҳиятдан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маслаҳатлашувлар давомида жорий йилда режалаштирилган қўшма тадбирлар, жумладан, Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, ҳудудлараро, бизнес, таълим ва тиббиёт форумлари, шунингдек, бир қатор маданий дастурларни ўтказиш режалари келишиб олинди.
Икки томонлама кун тартибидаги кенг кўламли масалалар бўйича амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташқи ишлар вазирликлари ўртасида яқин ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.