Ўзбекистон ва Беларус 2030 йилгача саноат ҳамкорлиги бўйича йўл харитасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар
Ўзбекистон ва Беларус 2030 йилгача саноат ҳамкорлиги бўйича йўл харитасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Шу йилнинг 23 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир ўринбосари Хуррам Тешабаев ҳамда Беларус Республикаси саноат вазири ўринбосари Денис Бакеи ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида томонлар қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиш жараёнини кўриб чиқдилар, саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш бўйича навбатдаги чораларни муҳокама қилдилар ҳамда 2030 йилгача мўлжалланган саноат ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш режалари юзасидан фикр алмашдилар.
Паррандачилик лойиҳалари, қишлоқ хўжалиги техникаларини йиғиш ҳамда кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, қўшма корхоналар фаолиятини кенгайтириш ва икки томонлама инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида Беларус капитали иштирокидаги 244 та корхона, Беларус Республикасида эса Ўзбекистон капитали иштирокидаги 229 та корхона фаолият юритмоқда.
Уларнинг асосий фаолият йўналишлари тўқимачилик ва фармацевтика саноати, қурилиш материаллари ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек савдо-воситачилик ҳамда транспорт-экспедиторлик хизматларини қамраб олади.