Ўзбекистон ва BCI барқарор пахта етиштириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва BCI барқарор пахта етиштириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров “Better Cotton Initiative” (BCI) стандартлари, тизимлари ва яхлитлиги бўйича катта директори Яннис Беллингҳаузен билан учрашув ўтказди.
Мазкур мулоқот Ўзбекистоннинг пахтачилик тизимини жадал модернизация қилиш жараёнида халқаро ҳамкорлигининг яна бир муҳим қадами бўлди.
Учрашув давомида икки томон пахта саноатида барқарорлик тамойилларини кучайтириш, BCI стандартларини амалиётга жорий этиш ва ушбу жараённи янада такомиллаштириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Яннис Беллингҳаузен BIC'нинг глобал миқёсдаги фаолияти, шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар ва кузатув натижалари юзасидан батафсил маълумот берди.
У мамлакатимизда пахтачиликда ижтимоий масъулият, меҳнат шароитлари яхшиланиши, сувни тежаш ва агротехник амалиётларни модернизация қилиш борасида сезиларли ўзгаришлар кузатилаётганини алоҳида таъкидлади.
Ўз навбатида, Алишер Шукуров BCI билан ҳамкорлик Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги стратегиясида муҳим ўрин тутишини қайд этди. У пахтачиликни халқаро стандартларга мос равишда ривожлантириш, фермерлар ва кластерлар учун ўқув дастурларини кенгайтириш, сертификация жараёнларини соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича таклифларни билдирди. Шунингдек, мамлакатимизда пахта етиштиришдан бошлаб қайта ишлашгача бўлган бутун занжирда барқарор ёндашувни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишларга тайёр экани маълум қилинди.
Учрашув давомида ўзаро манфаатли йўналишларда келгусида қўшма лойиҳалар бошлаш, сертификация жараёнларини кенгайтириш, маҳаллий мутахассислар учун тренинглар сонини ошириш ҳамда халқаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Мулоқот якунида томонлар Ўзбекистон BCI стандартларини босқичма-босқич жорий этишда изчил давом этишини, BCI эса ўз навбатида техник кўмак, экспертиза ва халқаро амалиётларни мамлакат аграр тизимига олиб киришда фаол ҳамкорлик қилинишини айтиб ўтишди.