Ўзбекистон ва BAT Uzbekistan узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 13 май куни Ўзбекситон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров “BAT Uzbekistan” делегацияси вакиллари билан учрашди.
“BAT Uzbekistan” — Буюк Британияда асос солинган “Бритиш Америсан Тобассо” (BAT) халқаро компаниясининг бир қисми бўлиб, мамлакатимизда тамаки саноатининг етакчи корхоналаридан бири ҳисобланади. Компания Ўзбекистондаги фаолиятини 1994 йилда бошлаб, ҳозирга қадар давом эттириб келмоқда.
Хорижий делегация таркибида Покистон, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директор Ваэл Сабр, “O‘ZBAT A.O.” ҚК АЖ бош директори Темур Гадайбаев, BAT - APMEA West гуруҳи субминтақаси корпоратив масалалар департаменти директори Мона Искандарани, “BAT Uzbekistan” юридик ва корпоратив масалалар департаменти директори Сергей Красовский ҳамда “O‘ZBAT A.O.” ҚК АЖ бош директорининг корпоратив масалалар бўйича маслаҳатчиси Алишер Беккулбеков қатнашди.
Ўзбекистон томонидан учрашувда Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси бошлиғи Ўткир Қобилов, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари иштирок этишди.
Учрашувнинг асосий мавзуси Ўзбекистонда узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболлари ва бизнесни ривожлантириш бўйича стратегик ташаббусларни муҳокама қилиш бўлди. Суҳбат давомида халқаро компания вакиллари мамлакатда кечаётган ўзгариш жараёнларини юқори баҳолади. Шунингдек, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва чет эл инвесторлари учун қулай шароитлар яратиш борасидаги ютуқлар алоҳида таъкидланди.
Халқаро компания раҳбарияти Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги асосий бозор сифатидаги стратегик аҳамиятини таъкидлаб, узоқ муддатли ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирди.
Учрашув якунида томонлар конструктив мулоқотни ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олди.